Акциядорларнинг умумий йиғилиши

Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир.

Акциядорларнинг умумий йиғилишини жамият кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, жамият кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

Жамият ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини) ўтказиши шарт.

Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида жамиятнинг кузатув кенгашини ва тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги, жамиятнинг Бошқарув раиси билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги масалалар ҳал этилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 59-моддаси биринчи қисмининг ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошиларига мувофиқ жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади, жамият йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш масаласи бундан мустасно.

Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.

Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

  • жамият уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш, жамият уставига жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бундан мустасно;
  • жамиятни қайта ташкил этиш;
  • жамиятни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;
  • жамият кузатув кенгашининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;
  • эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;
  • жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш;
  • ўз акцияларини олиш;
  • жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, Бошқарув раисини сайлаш (тайинлаш) ва уни ваколатларини муддатидан илгари тугатиш. Шунингдек жамият кузатув кенгаши жамиятнинг Бошқарув раиси билан тузилган шартномани, агар у жамият уставини қўпол тарзда бузса ёки унинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жамиятга зарар етказилган бўлса, муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга;
  • жамият тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
  • жамиятнинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;
  • жамиятнинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;
  • жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;
  • имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 35-моддасида назарда тутилган қарорни қабул қилиш;
  • акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;
  • акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;
  • жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсацияларни энг юқори миқдорларини белгилаш;
  • Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 8 ва 9-бобларида назарда тутилган ҳолларда жамият томонидан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • мазкур жамият уставига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.