«Qashqadaryo parmalash ishlari» aksiyadorlik jamiyatiнинг

 УСТАВИ

 (янги таҳрирда)

 ҚАРШИ – 2016 йил


  1. Жамиятнинг юридик мақоми, фирма номи,

жойлашган ери ва электрон почта манзили

1.1. Жамиятнинг давлат тилидаги тўлиқ фирма номи:

«Qashqadaryo parmalash ishlari» aksiyadorlik jamiyati;

Жамиятнинг давлат тилидаги қисқартирилган фирма номи:

«QashPi» AJ;

Жамиятнинг рус тилидаги тўлиқ фирма номи:

Акционерное общество «Qashqadaryo parmalash ishlari»;

Жамиятнинг рус тилидаги қисқартирилган фирма номи:

АО «QashPi»;

Жамиятнинг инглиз тилидаги тўлиқ фирма номи:

Joint-Stock Company «Qashqadaryo parmalash ishlari»;

Жамиятнинг инглиз тилидаги қисқартирилган фирма номи:

JSC «QashPi».

1.2. Бундан буён матнда “жамият” деб аталувчи «Qashqadaryo parmalash ishlari» aksiyadorlik jamiyatiнинг жойлашган ери ва почта манзили:

Ўзбекистон Республикаси, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, Косон йўли-3км, индекс: 180100.

Жамиятнинг электрон почта манзили: kashpi08@mail.ru

1.3. Жамият Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш Давлат қўмитасининг 1996 йил 11 ноябрдаги 553к-ПО-сонли буйруғи асосида ташкил этилган.

1.4. Жамият юридик шахс бўлиб, у ўз мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, шу жумладан ўзининг устав фондига (устав капиталига) берилган мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

1.5. Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.

1.6. Жамият фаолият кўрсатиш муддати чекланмаган ҳолда ташкил этилади.

1.7. Жамият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида банк ҳисобварақлари очишга ҳақлидир.

1.8. Жамият ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган юмалоқ муҳрга эга бўлиши лозим. Муҳрда бир вақтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

1.9. Жамият ўзининг номи ёзилган штамп ва бланкаларга, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарларнинг, ишларнинг ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

  1. Жамият фаолиятининг соҳаси (асосий йўналишлари) ва мақсади

2.1. Жамиятни ташкил этишнинг асосий мақсад — даромад олиш.

2.2. Жамият фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар саналади:

1) нефт ва газ қазиб олишни белгиланган суръатда кўпайтириш мақсадида қудуқларни бурғулаш бўйича давлат режа топшириқларини бажариш;

2) бурғулаш технологиясини яхшилаш, ковлаб ўтиш тезлигини ва мехнат самарадорлигини ошириш ҳисобига бажариладиган ишлар унумдорлигини кўтариш;

3) бажариладиган иш ва хизматлар юқори фойдалилигига етишиш бўйича қоидаларга риоя қилиш;

4) ишлаб чиқариш фаолиятида ер ости бойликларини эхтиётлаш чораларига жиддий амал қилиш;

5) сохавий тармоқларни аниқ ва меъёрий ишлашини таъминлаш;

6) ишлаб чиқаришга тезкор рахбарлик қилиш даражасини кўтариш;

7) юқори ташкилотлар томонидан тасдиқланган режа ва топшириқларга асосланиб уларни бажаришни таъминловчи тезкор режа ва жадваллар тузиш, мухокама қилиш ва тасдиқлаш;

8) тармоқ бўлинмаларига белгиланган йиллик, чорак ва ойлик режа топширикларни етказиш;

9) “Ўзбекнефтгаз” МХК таркибидаги ва чет эл қўшма корхоналари тасарруфидаги барча нефт ва газ қудуқларида шартнома асосида синаш ва капитал таъмирлаш юзасидан сервис хизматларини кўрсатиш;

10) шартнома асосида қудуқларни қайта тиклаш, қувурлар тушириш ва мустахкамлаш;

11) жамият электр асбобларини,  маиший совутгичларини, кондиционерларини  бурғулаш қурилмаларининг совутиш тизимини, электр юргизгич (двигатель)ларини, тарансформаторларини ва бошқа электр ускуналарини жорий ва капитал таъмирлаш;

12) корхоналарнинг бурғулаш қурилмаларининг совутиш тизимини, корхона, ташкилот, муассаса ва фуқороларнинг электр асбобларини, маиший совутгичларини, кондиционерларини,  электр юргизгич (двигатель)ларини, тарансформаторларини ва бошқа электр ускуналарини шартномага асосан жорий ва капитал таъмирлаш;

13) бурғилаш ускуналарига кабель ва хаво электр тармоқларини, электр ускуналарини ечиб олиш ва қайта қуриш;

14) катта хажмдаги кабель ва хаво электр тармоқларини пудратчиларга шартнома асосида хар хил асбобларни ва ускунларни капитал ва жорий таъмирлаш;

15) ишлаб чиқариш жараёнида асбоб ускуналардан ва механизмлардан тўғри фойдаланиш, янги техника ва мехнатни илғор усулларини хамда ихтиролар, янгиликларни жорий этиш, ишлаб чиқариш илғорлари тажрибаларини кенг ёйиш учун тадбирлар кўриш, шу билан бирга ишлаб чиқаришда техника хавфсизлиги ва мехнат мухофазаси қоидаларига риоя қилиш ишларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш режаларини бажариш мақсадида моддий техника таъминотни ташкиллаштириш;

16) юкланган вазифаларни бажариш учун керакли шартномалар тузиш, иқтисодий кўрсаткичлар бўйича топшириқларни молиявий шартнома ва интизомни жиддий сақлаган холда бажаришни таъминлаш;

17) бурғулаш ишлари бўйича умумий ишлаб чиқаришга оид барча керакли асбоб ускуналар, аппаратлар ва бошқа хизматлар сифатини кўтариш, мехнат унумдорлигини ва моддий-техника таъминотидан фойдаланиш самарасини ошириш;

18) бурғулаш ишларини ва бошқа хизматлар сифатини кўтариш, мехнат унумдорлигини ва моддий-техника таъминотидан фойдаланиш самарасини ошириш;

19) моддий-техникавий таянчи ривожлантириш мақсадида мамлакат ичида ва ташқарисида илғор технология бўйича асбоб-ускуна харид қилиш;

20)  белгиланган тартибда   чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш  учун хокимиятлардан ер майдонларини, бино ва иншоатларни фойдаланиш учун ижарага  ёки сотиб олиш;

21) жамият табиат мухофазаси табиий бойликлардан усталик билан фойдаланиш, экология жихатдан тоза махсулотларни ишлаб чиқариш ва етказиш, ёнгинга қарши хавфсизлик хамда ишловчиларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича амалдаги қонунчиликка тўла риоя қилиш.

2.3. Жамият Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

2.4. Жамият махсус рухсатнома (лицензия) талаб қиладиган фаолиятни амалга ошириш учун тегишли махсус рухсатнома (лицензия) олинганидан сўнг ушбу фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

  1. Жамият устав фондининг (устав капиталининг) миқдори

3.1. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади ва Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ифодаланади. Жамият томонидан чиқариладиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши керак.

3.2. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) жамият мол-мулкининг жамият кредиторлари манфаатларини кафолатлайдиган энг кам миқдорини белгилайди.

3.3. Жамият оддий акцияларни жойлаштириши шарт, шунингдек имтиёзли акцияларни жойлаштиришга ҳақли. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати жамият устав фондининг (устав капиталининг) йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

3.4. Жамият Устав жамғармасининг миқдори 2 096 600 000 (икки миллиард тўқсон олти миллион олти юз минг) сўмни ташкил қилади ҳамда номинал қиймати 100 (бир юз) сўм бўлган 20 966 000 (йигирма миллион тўққиз юз олтмиш олти минг) дона оддий акцияларга бўлинган.

  1. Жамият акцияларининг сони, номинал қиймати, турлари

4.1. Жамият томонидан 20 966 000 (йигирма миллион тўққиз юз олтмиш олти минг) дона эгаси ёзилган оддий акциялар чиқарилган ва жойлаштирилган.

4.2. Жамият устав фондини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равишда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акцияларининг сони 100 000 000 (бир юз миллион) дона эгаси ёзилган оддий акциялардан иборат.

4.3. Жамият акцияларининг номинал қиймати 100 (бир юз) сўм.

 

  1. Жамият устав фондини (устав капиталини)

кўпайтириш ва камайтириш

5.1. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

5.2. Қўшимча акциялар эълон қилинган жамият уставида белгиланган акцияларнинг сони доирасидагина жамият томонидан жойлаштирилиши мумкин.

5.3. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинади.

5.4. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарорда жойлаштириладиган қўшимча оддий акцияларнинг ва имтиёзли акцияларнинг сони, уларни жойлаштириш муддатлари ва шартлари белгиланган бўлиши керак.

5.5. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш жойлаштирилган қўшимча акцияларнинг номинал қиймати миқдорида рўйхатдан ўтказилади. Бунда мазкур уставда кўрсатилган эълон қилинган муайян турдаги акцияларнинг сони ушбу турдаги жойлаштирилган қўшимча акцияларнинг сонига қисқартирилиши керак.

5.6. Жамиятнинг тегишли бошқарув органи томонидан қабул қилинган қўшимча акцияларни чиқариш ҳақидаги қарор жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарордир.

5.7. Қўшимча акциялар чиқарилган ҳолатда акциядорлар устав капиталидаги улушига пропорционал равишда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи назарда тутилади.

5.8. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш жалб қилинган инвестициялар, жамиятнинг ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

5.9. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) унинг ўз капитали ҳисобидан кўпайтиришда қўшимча акциялар барча акциядорлар ўртасида тақсимланади. Бунда ҳар бир акциядорга қайси турдаги акциялар тегишли бўлса, айни ўша турдаги акциялар унга тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) кўпайтирилиши натижасида кўпайтириш суммасининг битта акциянинг номинал қийматига мувофиқлиги таъминланмайдиган бўлса, жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга йўл қўйилмайди.

5.10. Акцияларни жойлаштириш, шу жумладан акциядорлар ўртасида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи жамият кузатув кенгаши томонидан қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо майдончаларида вужудга келаётган нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

5.11. Жамият акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни очиқ ва ёпиқ обуна воситасида, биржа ва биржадан ташқари бозорларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштиришга ҳақли.

5.12. Жамият томонидан акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга. Акциядор, шу жумладан акциядорларнинг умумий йиғилишида қарши овоз берган ёхуд унда иштирок этмаган акциядор акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда имтиёзли олиш ҳуқуқига эга.

5.13. Жамиятнинг акцияларини ва бошқа қимматли қоғозларини жойлаштириш чоғида уларга ҳақ тўлаш пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк, шунингдек пулда ифодаланадиган баҳога эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан мулкий ҳуқуқлар) орқали амалга оширилади. Жамиятнинг қўшимча акциялари ва бошқа қимматли қоғозларига ҳақ тўлаш тартиби уларни чиқариш тўғрисидаги қарорида белгилаб қўйилади.

5.14. Жамиятнинг қўшимча акцияларига ушбу акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган жойлаштириш муддати ичида ҳақ тўланиши лозим.

5.15. Агар жамиятнинг пулдан ўзга воситалар билан ҳақи тўланаётган акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг номинал қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан кўпни ташкил этса, жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг ҳақи сифатида киритилаётган мол-мулкнинг пулда ифодаланган баҳоси баҳоловчи ташкилот томонидан чиқарилиши зарур.

5.16. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган ҳолда жамият томонидан акцияларни олиш йўли билан камайтирилиши мумкин.

5.17. Жамият устав фондини (устав капиталини) камайтиришга, агар бунинг натижасида унинг миқдори жамият устав фондининг (устав капиталининг) жамият уставидаги тегишли ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида аниқланадиган, Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 17-моддасида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетса, ҳақли эмас.

5.18. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарорлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

5.19. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинаётганда акциядорларнинг умумий йиғилиши устав фондини (устав капиталини) камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.

5.20. Жамият устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилади. Кредиторлар жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида ўзларига билдириш юборилган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамиятдан ўз мажбуриятларини муддатидан олдин бажаришини ва устав фонди (устав капитали) камайтирилиши билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплашини талаб қилишга ҳақли.

  1. Жамиятнинг корпоратив облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлари

6.1. Жамият корпоратив облигацияларни ва бошқа қимматли қоғозларни чиқаришга ҳамда жойлаштиришга ҳақли.

6.2. Жамиятнинг корпоратив облигациялари жамият акцияларига айирбошланадиган қимматли қоғозлар бўлиши мумкин.

6.3. Жамият мол-мулк билан таъминланган корпоратив облигацияларни уларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш санасидаги ўз капитали миқдори доирасида чиқаришга ҳақли.

6.4. Жамият томонидан корпоратив облигацияларни чиқариш, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган корпоратив облигацияларни чиқариш жамият кузатув кенгашининг қарорига кўра амалга оширилади.

6.5. Жамият томонидан жамият кузатув кенгашининг қарорига кўра акцияларга айирбошланадиган корпоратив облигациялар чиқарилган тақдирда, мазкур қарор жамият кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши керак.

  1. Жамиятнинг фондлари

7.1. Жамиятда соф фойда ҳисобидан захира, уй-жой ва меҳнатни муҳофаза қилиш фондлари ташкил этилади.

7.2. Жамият устав фондининг (устав капиталининг) ўн беш фоизи миқдорида захира фонди ташкил этилади.

7.3. Жамиятнинг захира фонди мазкур уставда белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойдадан ҳар йилги мажбурий ажратмалар орқали шакллантирилади. Ҳар йилги ажратмаларнинг миқдори мазкур уставда белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойданинг беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

7.4. Бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, жамиятнинг захира фонди жамиятнинг зарарлари ўрнини қоплаш, жамиятнинг корпоратив облигацияларини муомаладан чиқариш ва жамиятнинг акцияларини қайтариб сотиб олиш учун мўлжалланади.

7.5. Жамиятнинг захира фондидан бошқа мақсадлар учун фойдаланиш мумкин эмас.

7.6 Уй-жой фондини шакллантириш кузатув кенгашининг тавсияси асосида акциядорлар умумий йиғилишида тасдиқланиш шарти билан жамият соф фойдасидан ҳар йилги ажратмалар қилиш йўли билан амалга оширилади.

7.7. Уй-жой фонди жамият мутахассислари учун қурилаётган уй жойларни молиялаштиришга, ходимларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида улар томонидан тижорат банкларидан олинган ипотека кредитлари ва унга ҳисобланган банк фоизларини тўлаш учун йўналтирилади.

7.8 Меҳнатни муҳофаза қилиш фондини шакллантириш кузатув кенгашининг тавсияси асосида акциядорлар умумий йиғилишида тасдиқланиш шарти билан жамият соф фойдасидан ҳар йилги ажратмалар қилиш йўли билан амалга оширилади.

7.9. Мехнатни мухофаза қилиш фонди маблағлари жамиятда мехнат шарт-шароитларини яхшилаш ва мухофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқишга, мехнатни мухофаза қилиш сохасидаги илмий–тадқиқот ишларини олиб боришга, мехнатни мухофаза қилиш хизматларини норматив–хуқуқий хужжатлар ва мехнатни мухофаза қилишни тарғиб қилиш воситалари билан таъминлашга, жамиятнинг норматив хужжатлари билан белгиланган ва мехнатни мухофаза қилишни бошқа йўналишлари бўйича чора–тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган тадбирларни молиялаштириш учун фойдаланилади.

7.10. Жамият қонунчиликда бегиланган тартибда бошқа фондларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.

  1. Дивидендларни тўлаш

8.1. Жамият молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

8.2. Дивидендларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим.

8.3. Жамият томонидан оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни тўлаш акциядорларнинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

 

  1. 9. Жамият бошқарув органлари, уларни

шакллантириш тартиби ва ваколатлари

9.1. Акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи (Бошқарув) жамиятнинг органларидир.

9.2. Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир.

9.3. Акциядорларнинг умумий йиғилишини жамият кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, жамият кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

9.4. Жамият ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини) ўтказиши шарт.

9.5. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Қоида тариқасида, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши жорий йилнинг иккинчи чорагида ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида жамиятнинг кузатув кенгашини ва тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги, жамиятнинг Бошқарув раиси билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги масалалар ҳал этилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 59-моддаси биринчи қисмининг ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошиларига мувофиқ жамиятнинг йиллик ҳисоботи жамият ижроия органи ва кузатув кенгашининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади, жамият йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш масаласи бундан мустасно.

9.6. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.

9.7. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материалларнинг (ахборотнинг) рўйхати жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

9.8. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

1) жамият уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш, жамият уставига жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ҳамда жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бундан мустасно;

2) жамиятни қайта ташкил этиш;

3) жамиятни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

4) жамият кузатув кенгашининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

5) эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

6) жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш;

7) ўз акцияларини олиш;

8) жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, Бошқарув раисини сайлаш (тайинлаш) ва уни ваколатларини муддатидан илгари тугатиш. Шунингдек жамият кузатув кенгаши жамиятнинг Бошқарув раиси билан тузилган шартномани, агар у жамият уставини қўпол тарзда бузса ёки унинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жамиятга зарар етказилган бўлса, муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга;

9) жамият тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

10) жамиятнинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш, шунингдек жамият фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадидан келиб чиққан ҳолда жамиятни ўрта муддатга ва узоқ муддатга ривожлантиришнинг аниқ муддатлари белгиланган стратегиясини тасдиқлаш;

11) жамиятнинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;

12) жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

13) имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 35-моддасида назарда тутилган қарорни қабул қилиш;

14) акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;

15) акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

16) жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсацияларни энг юқори миқдорларини белгилаш;

17) Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 8 ва 9-бобларида назарда тутилган ҳолларда жамият томонидан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

18) ижроия органининг аффилланган шахслар билан ва йирик битимларни мустақил амалга ошириши учун жамиятнинг жорий хўжалик фаолияти билан боғлиқ битимларни аниқлаш;

19) ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдам максимал миқдорини аниқлаш. Бунда ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдамга жамиятнинг хар йилги харатжатлари ўтган йилнинг соф фойдасининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим ва жамият бизнес режасининг кўрсаткичлари олдинги ҳисобот йилнинг соф фойда қисмида бажарилган бўлса амалга оширилади;

20) мазкур жамият уставига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

9.9. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар жамиятнинг ижроия органи ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.

9.10. Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари акциядорлар эътиборига:

– акциядорлар умумий йиғилиши тугаганидан сўнг эълон қилиш;

– акциядорлар умумий йиғилиш баённомаси тузилган санадан икки иш куни давомида мухим факт тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш йулллари билан етказилади.

Агар жамият акциялари фонд биржасининг листингига киритилган бўлса жамият фонд биржасининг расмий веб-сайтида тегишли ахборотни эълон қилиши шарт.

9.11. Жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядорлар (акциядор) 1 майдан кечиктирмай акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига масалалар киритишга ҳамда жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига бу органнинг миқдор таркибидан ошмайдиган тарзда номзодлар кўрсатишга ҳақли.

9.12. Акциядорлар (акциядор) жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига ўзлари кўрсатган номзодлар рўйхатига акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган санадан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ўзгартиришлар киритишга ҳақли.

9.13. Жамиятнинг кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

9.14. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

1) жамият ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида жамият ижроия органининг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борган ҳолда жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

2) акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, бундан Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни 65-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

3) акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш;

4) акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;

5) акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;

6) Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 59-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган масалаларни акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;

7) мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;

8) жамиятнинг бошқарув аъзоларини (раисдан ташқари) сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

9) жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш;

10) ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;

11) жамият ижроия органининг фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатлардан эркин фойдаланиш ва жамият кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бу ҳужжатларни ижроия органидан олиш. Жамият кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;

12) аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;

13) жамиятнинг тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорлари юзасидан тавсиялар бериш;

14) дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;

15) жамиятнинг захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;

16) жамиятнинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;

17) жамиятнинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;

18) Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 8 ва 9-бобларида назарда тутилган ҳолларда битимлар тузиш ҳақида қарор қабул қилиш;

19) жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;

20) жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

21) жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш масалаларини, шунингдек жамият уставига жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ҳамда жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

22) қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги қарор (акциялар, облигациялар) ва эмиссия рисоласини тасдиқлаш;

23) қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги қарорга (акциялар, облигациялар) ва эмиссия рисоласига ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш ва уларнинг матнини тасдиқлаш;

24) Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига мувофиқ акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;

25) жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

26) қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

27) жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорларини белгилаш;

28) Ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдам кўрсатиш (олиш) тартиби ва шартларини белгилаш ҳамда бу борада қарор қабул қилиш ҳуқуқини фақат акциядорларнинг умумий йиғилиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган доирада, бу ҳақда барча акциядорлар учун маълумотларни ошкор этган тарзда беради.

9.15. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни ва мазкур уставга мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш ҳам киритилиши мумкин.

9.16. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамиятнинг ижроия органига ўтказилиши мумкин эмас.

9.17. Жамият кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга сайланади. Жамият кузатув кенгашнинг сон таркиби 7 кишидан иборат.

9.18. Жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.

9.19. Жамият бошқаруви раиси ва аъзолари жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.

9.20. Айни шу жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси бўлиши мумкин эмас.

9.21. Жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар мазкур уставда ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган қарорда белгилаб қўйилиши мумкин.

9.22. Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади.

9.23. Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақли.

9.24. Энг кўп овоз тўплаган номзодлар жамият кузатув кенгашининг таркибига сайланган деб ҳисобланади.

9.25. Жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан, ушбу кенгаш таркибидан кузатув кенгаши аъзолари томонидан сайланади.

9.26. Жамиятнинг кузатув кенгаши ўз раисини кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан қайта сайлашга ҳақли.

9.27. Жамият кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисларда баённома юритилишини ташкил этади, акциядорларнинг умумий йиғилишида раислик қилади.

9.28. Жамият кузатув кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифасини кузатув кенгашининг аъзоларидан бири амалга оширади.

9.29. Жамият кузатув кенгашининг мажлиси кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра, жамият кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси, Бошқарув аъзосининг ва ички аудит ҳизмати бошлиғи ва жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядорлар (акциядор) талабига кўра чақирилади.

9.30. Жамият кузатув кенгаши мажлислари унинг раиси томонидан ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

9.31. Жамият кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум жамият кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

9.32. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг сони мазкур уставда назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлган тақдирда, жамият кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириши шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг бундай навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилишга, шунингдек жамият Бошқарув раисининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, унинг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлашга ҳақлидир.

9.33. Жамият кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади, агар қонунчиликда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса.

9.34. Жамият кузатув кенгашининг мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

9.35. Жамият кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кузатув кенгашининг бошқа аъзосига беришига йўл қўйилмайди.

9.36. Жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаш аъзоларининг овози тенг бўлган ҳолларда ҳал қилувчи овозга эга.

9.37. Жамият кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг ўн кундан кечиктирмай тузилади. Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

– мажлис ўтказилган сана, вақт ва жой;

– мажлисда ҳозир бўлган шахслар;

– мажлиснинг кун тартиби;

– овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;

– қабул қилинган қарорлар.

Жамият кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган жамият кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади, улар мажлис баённомаси тўғри расмийлаштирилиши учун жавобгар бўлади.

9.38. Жамият кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) жамият кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин.

9.39. Жамият кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси имзоланган куни жамиятнинг ижроия органига ижро этиш учун топширилади. Кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда мазкур қарор ҳақидаги ахборот жамиятнинг ижроия органига кузатув кенгашининг мажлиси ўтказиладиган куни топширилади.

9.40. Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш коллегиал ижроия органи – Бошқаруви томонидан амалга оширилади.

9.41. Бошқаруви 4 (тўрт) кишидан иборат бўлиб (Бошқарув Раиси, унинг ўринбосарлари, бош ҳисобчи) бир йил муддатга сайланадилар (тайинланадилар).

9.42. Жамият Бошқарув раиси жамият акциядорларининг умумий йиғилиши Бошқаруви аъзолари эса жамият кузатув кенгаши томонидан сайланадилар (тайинланадилар). Бунда жамият бошқарув аъзоларини сайлаш (тайинлаш), қоида тариқасида, чет эллик менежерлар иштирок этиши мумкин бўлган танлов бўйича саралаш асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

9.43. Жамият Бошқаруви раиси ва аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун хужжатларида, мазкур уставда ҳамда уларнинг ҳар бири жамият билан бир йил муддатга тузадиган шартномада белгиланиб, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинади.

9.44. Шартнома жамият номидан жамият кузатув кенгашининг раиси ёки кузатув кенгаши ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

9.45. Жамиятнинг Бошқарув раиси ва аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдори жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади ва шартномада белгиланган бўлиши керак.

9.46. Жамиятнинг Бошқарув раиси ва аъзоларининг вазифаларини бошқа ташкилотларнинг бошқарув органларидаги лавозим билан биргаликда эгаллаб туришга фақат жамият кузатув кенгашининг розилиги билан йўл қўйилади.

9.47. Акциядорларнинг умумий йиғилиши Бошқарув раиси билан тузилган шартномани у шартнома шартларини бузган тақдирда тугатишга (бекор қилишга) ҳақли.

9.48. Жамият кузатув кенгаши Бошқарув аъзолари билан тузилган шартномани улар шартнома шартларини бузган тақдирда тугатишга (бекор қилишга) ҳақли.

9.49. Жамият кузатув кенгаши Бошқарув раиси билан тузилган шартномани, агар у жамият уставини қўпол тарзда бузса ёки унинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жамиятга зарар етказилган бўлса, муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга.

9.50. Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан жамият Бошқарув раисининг ваколатларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, жамият Бошқарув раисининг ваколатларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги масала ўша йиғилишнинг ўзида ҳал этилиши ёхуд жамият Бошқарув раисининг вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни тайинлаган ҳолда акциядорларнинг яқин орадаги умумий йиғилишида кўриб чиқиш учун қолдирилиши мумкин.

9.51. Бошқарув раисининг ваколатларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган жамият кузатув кенгаши жамият Бошқарув раисининг вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади, шунингдек жамиятнинг Бошқарув раиси тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиради.

9.52. Жамият Бошқарувининг ваколатига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, акциядорлар умумий йиғилишининг ёки жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар бундан мустасно.

9.53. Жамиятнинг ижроия органи акциядорлар умумий йиғилишининг ва жамият кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.

9.54. Жамият Бошқарув раисининг ваколатлари (ҳуқуқлари) ва мажбуриятларига қўйидагилар киради:

– ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг ишига раҳбарлик қилиш;

– жамият номидан ишончномасиз иш юритиш, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалаш;

– жамият номидан ишончномаларни бериш;

– ўз ваколатлари доирасида, жамият номидан битимлар тузиш;

– ходимларни ишга қабул қилиш, улар билан меҳнат шартномаларни тузиш ва бекор қилиш, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қуллаш, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизомини сақлаб туришини таъминлаш;

– жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбарини тайинлаш;

– штатларни тасдиқлаш;

– жамиятнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;

– жамият кузатув кенгашининг розилигига кўра унинг ишида маслаҳат овози билан иштирок этиш;

– банкларда ҳисоб рақамлар (миллий ва хорижий валюта ҳисоб рақамлар) очиш;

– жамиятнинг банк ва бошқа молия хужжатларида биринчи имзо ваколатига эга бўлиш;

– давлат статистика ҳисоботи ва бухгалтерия ҳисоботини тегишли органларга тўлиқ ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;

– жамият ходимларининг ижтимоий кафолатларига риоя қилинишини ва уларнинг меҳнатини муҳофаза қилишни таъминлаш.

Жамият Бошқаруви раиси Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари, мазкур устав ва жамият меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар (ҳуқуқлар) ва мажбуриятларга ҳам эга.

9.55. Жамият Бошқарувининг ваколатлари (ҳуқуқлари) ва мажбуриятларига қўйидагилар киради:

– ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг мол –мулки ва пул маблағларини тассаруф этиш;

– жамиятнинг таркибий бўлинмалар тўғрисидаги низомлар, ходимларнинг лавозим йўриқномаларини тасдиқлаш;

– жамиятнинг ички меъёрий ҳужжатларини тасдиқлаш, акциядорлар умумий йиғилишининг ва кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно;

– жамият ваколатхоналари ва филиаллари учун мажбурий бўлган қарор, буйруқ ва фармойишлар чиқариш;

– жамият филиаллари рахбарларини лавозимга тайнлаш ва лавозимдан озод этиш;

– жамиятни ривожлантириш дастурлари ва бизнес-режаларини ишлаб чиқиш, уларни бажарилишини назорат қилиш;

– жамиятнинг ваколатли бошқарув органи томонидан тасдиқланган бизнес-режада кўрсатилган миқдорларда фойда олишни таъминлаш;

– қонунчиликка мувофиқ жамиятда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг ташкил этилиши ва ишончлилигини, хамда акциядорларга, кредиторларга ва бошқа олувчиларга юбориладиган жамият фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш;

– жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатлар жамиятнинг кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва жамият аудитори талабига кўра тақдим этиш;

– ўз ваколатлари доирасида мол-мулкни олиш ёки уни бошқа шахсга бериш ёхуд мол-мулкни бошқа шахсга бериш эҳтимоли билан боғлиқ битим тузиш (битим тузиш масаласида жамият бошқаруви якдиллигига эришилмаган ҳолларда битим тузиш тўғрисидаги масала жамият бошқаруви қарорига мувофиқ кузатув кенгаши ҳукмига ҳавола этилиши мумкин);

– жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи ахборотларни сақлаш;

– дивидендлар ҳисобланиши ва тўланиши бўйича акциядорларнинг барча ҳуқуқларига риоя қилиш;

– ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаш;

– Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ҳамда жамият ички ҳужжатларига риоя қилиш;

Жамиятнинг Бошқаруви Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари, мазкур устав ва жамиятнинг меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар (хуқуқлар) ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Жамиятнинг фаолиятини назорат қилиш

10.1. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга 3 аъзодан иборат тафтиш комиссияси сайланади.

10.2. Жамият тафтиш комиссияси аъзоларига доир малака талаблари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади. Айни бир шахс айни бир жамиятнинг тафтиш комиссияси таркибига кетма-кет уч мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

10.3. Жамият тафтиш комиссиясининг ваколат доираси қонун хужжатлари ва жамиятнинг мазкур устави билан белгиланади.

10.4. Жамият тафтиш комиссиясининг ёзма талабига кўра жамият ижроия органида мансабни эгаллаб турган шахслар жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига тақдим этиши шарт.

10.5. Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлиши, шунингдек айни шу жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаши мумкин эмас.

10.6. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг, акциядорлар умумий йиғилишининг, жамият кузатув кенгашининг ташаббусига кўра ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра жамият кузатув кенгашини олдиндан хабардор қилиш йўли билан бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.

10.7. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра жамиятнинг тафтиш комиссияси  хулоса тузади, бу хулосада:

– жамиятнинг ҳисоботларида ва бошқа молиявий ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигига доир баҳо;

– бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, шунингдек молия-хўжалик фаолияти амалга оширилаётганда қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилиши шарт.

10.8. Тафтиш комиссияси жамиятда аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонун ҳужжатларининг ва жамият ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосани ҳар чоракда жамият кузатув кенгашининг мажлисига олиб чиқади. Ушбу уставнинг 10.7. бандида кўрсатилган ахборотни ўз ичига олган хулоса акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида эшитилади.

10.9. Активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг баробаридан кўп бўлган жамиятда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ички аудит хизмати жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир.

10.10. Жамиятнинг ички аудит хизмати жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан қонун ҳужжатларига, жамият уставига ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек жамиятни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш орқали жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди.

10.11. Аудиторлик ташкилоти жамият билан тузилган шартномага мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамият молия-хўжалик фаолиятининг текширилишини амалга оширади ва унга аудиторлик хулосасини тақдим этади.

10.12. Аудиторлик ташкилоти жамиятнинг молиявий ҳисоботи ва молияга доир бошқа ахборот ҳақидаги нотўғри хулосани ўз ичига олган аудиторлик хулосаси тузилганлиги оқибатида етказилган зарар учун жамият олдида жавобгар бўлади.

10.13. Зарур бўлган холларда жамият кузатув кенгашига ҳисобдор бўлган ва корпоратив қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш вазифасини бажарувчи жамият корпоратив маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши мумкин.

10.14. Жамият корпоратив маслаҳатчисининг фаолияти жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

  1. Якуний қоидалар

11.1. Жамият акциядорларининг умумий йиғилиши ва ўз ваколатлари доирасида кузатув кенгаши томонидан мазкур уставга киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат органида белгиланган тартибда рўйхатга олинади.

11.2. Жамият уставига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави учинчи шахслар учун улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, қонунчиликда белгиланган ҳолларда эса давлат рўйхатидан ўтказувчи орган хабардор этилган пайтдан эътиборан кучга киради.

11.3. Агар мазкур уставни бирон бир қоидаси ўз кучини йўқотган бўлса, бу қоида бошқа қоидаларни тўхтатиш учун сабаб бўлмайди.

11.4. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик хужжатларида мазкур уставда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик хужжатлари қоидалари қўлланилади.

11.5. Акциядорлар умумий йиғилишини чақириш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар амалдаги қонунчилик билан тартибга солинади ва жамиятнинг акциядорлар умумий йиғилиши тўғрисидаги низом билан белгиланади.

11.6. Жамият кузатув кенгаши, ижроия органи ва тафтиш комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган низомларда белгиланади.

11.7. Компания миноритар акциядор махфий ахборотлар, тижорат сирларига оид ҳужжатларни асоссиз равишда талаб қилиш билан Компания бошқарув органи фаолиятига тўсқинлик қилишига йўл қўйилмайди.

11.8. Мазкур уставда тартибга солинмаган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги билан тартибга солинади.